Ўзбекистонда ОТМлар учун қабул тугади

Жамият

image

Бугун, 26 июнь куни 2025/2026-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги хабар берди.

Қабул якунига кўра онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 732 411 нафарни ташкил этган.

Абитуриентларнинг таълим тили бўйича тақсимоти:

  • Ўзбек тили  – 644 027 нафар;
  • Рус тили  – 71 476 нафар;
  • Қорақалпоқ тили  – 14 959 нафар;
  • Бошқа тиллар – 1 949 нафар.

Абитуриентларнинг гендер таркиби бўйича тақсимоти:

  • эркаклар – 346 299 нафар;
  • аёллар – 386 112 нафар.

Эслатма: рўйхатдан ўтган абитуриентлар тест синови учун тўловни бугун, 26 июнь куни соат 23:59 га қадар амалга ошириши мумкин.

Қайд этиш жоиз, ўтган ўқув йили учун қабулда олий таълим муассасалари бакалавриати ҳамда коллеж ва техникумларга 894 279 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган. Имтиҳон натижаларига кўра, 186 871 нафар абитуриент бакалавриат таълим йўналишларига талабаликка тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025-2026 ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга жорий йилнинг 5 июнь кунидан бошланганди. 2024 йилдан бошлаб, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилиши белгиланган. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.
Олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилади.

Шунингдек, қайд этиш жоиз мазкур ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Президентнинг “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан сиртқи таълимга барча йўналишлар учун қабул бутунлай ёпилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ Абитуриентлар Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг