Ўзбекистонда октябрь ойида энг арзон уй нархлари қанча бўлди?
Жамият
−
14 Ноябрь
4633Ўзбекистонда уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кузатилиб, сўнгги икки ойдаги пасайиш тўхтади. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Қайд этилишича, октябрь ойида кўчмас мулк бозорида ижобий динамика кузатилган. Рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони сентябрь ойига нисбатан 0,6 фоизга ошиб, 21,4 мингтани ташкил этган.
Октябрда республика бўйича иккиламчи уй-жой бозори нархлари деярли ўзгармади (0,1 фоизлик ўсиш). Ой давомида энг катта ўсиш Андижон (5,1 фоиз) ва Сирдарё (3,3 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Еттита ҳудудда иккиламчи уй-жой нархининг пасайиши кузатилган бўлса, энг катта пасайиш Наманган (3,4 фоиз), Хоразм (3,2 фоиз) ва Самарқанд (2,5 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 328 долларни ташкил этади. Иккиламчи уй-жойларнинг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, квадрат метр учун ўртача 1100 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг Бектемир (3,9 фоиз) ва Яшнобод (3,1 фоиз) туманларида сезиларли пасайиш қайд этилган. Ой давомида пойтахтда уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Ўртача ижара нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармади – 1 кв метр учун 8,3 доллар.
Пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан 5 тасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Энг катта пасайиш Сергели ва Учтепа туманларида кузатилиб, бу туманларда ижара нархи ўртача 4,5 фоизга камайди. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда нарх бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 6 долларни ташкил этади. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида йил давомида уй-жой ижараси 12 фоиздан кўпроққа камайди. Энг катта пасайиш Яшнобод (18 фоиз), Сергели (17 фоиз) ва Мирзо-Улуғбек (15,2 фоиз) туманларида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда жорий йилнинг сентябрь ойида ўртача таъмирланган хонадонлар учун ўртача ижара нархлари август ойига нисбатан 2,8 фоиз, тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун эса 1,4 фоиз ошгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь