Октябрда об-ҳаво кескин ўзгаради
Жамият
−
30 Сентябрь 31464 2 дақиқа
Жорий йилнинг октябрь ойи об-ҳавонинг кескин ўзгариши билан бошланади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Сентябрь ойининг охирида кузатилган илиқ об-ҳаводан сўнг, 1-2 октябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудида ушбу мавсумдаги биринчи кузги совуқ кириб келиши кузатилади.
Республика шимолида, марказий ва шарқий вилоятларда баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 18-21 даражагача, кечалари 8-13 даражагача, республика шимолида кундуз кунлари 13-16 даражагача, кечалари 4-5 даража илиққача пасаяди.
3 октябрь куни фақат Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиши сақланиб туради.
4-10 октябрда бутун республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳавог ҳарорати 5-7 даражага кўтарилади. Кундуз кунлари ҳаво 23-26 даражагача исийди.
Октябрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида айрим кунларда (2-3 кун) баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳарорат кечалари 10-15 даражадан 5-10 даражагача (республика шимолида 2 даража совуққача бўлиши мумкин), кундуз кунлари 23-28 даражадан 15-20 даражагача ўзгариб туради.
Маълумот учун, иқлим меъёрига кўра, октябрь ойида 4 кундан 6 кунгача, тоғларга яқин жойларда 7-9 кунгача, республиканинг энг чекка жанубида 1 кундан 3 кунгача ёмғир ёғиши мумкин. Камдан кам ҳолларда эса жуда қаттиқ совуқ кузатилганда (8-10 йилда бир марта) ёмғир қисқа муддатга қорга айланади.
Кўп йиллик давр учун ўртача ёғингарчилик миқдори 13 мм дан 25 мм гачани, тоғларда 27 мм дан 70 мм гачани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 3 мм дан 11 мм гачани ташкил этади.
Ҳарорат тартиби бўйича октябрь ойи ёғингарчилик миқдори бўйича турлича бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича 2015 йилнинг октябрь ойи ушбу асрдаги энг ёмғирли йил бўлди. Тошкентда ойлик ёғингарчилик миқдори 88 мм ни (ойлик меъёрдан деярли 4 баравар кўп) ташкил этди, бунда 3 кун ичида 62 мм ёмғир ёғди.
Тошкентда барча кузатув қаторлари учун октябрь ойида максимал ойлик ёғингарчилик миқдори 1901 йилда қайд этилган бўлиб, у 126 мм ни ташкил этган.
Айрим йилларда бир ойда ёғингарчилик кузатилган кунлар сони 2-3 кундан ошмайди ва қатор ҳудудларда жуда кам ҳолларда ёғингарчилик кузатилмайдиган октябрь ойлари ҳам қайд этилади. 2001-2024 йиллар даври учун 2020 йилнинг октябрь ойи энг қуруқ бўлиб, ой давомида ҳудуднинг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб турган.