Ўзбекистонда коронавирусни аниқлайдиган тест ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Жамият
−
09 Апрель 2020
7975Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари одамда COVID-19 коронавирус инфекцияси бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи маҳаллий тест тизимини ишлаб чиқишди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар қилди.
Айни пайтда клиник синовлар давом этмоқда. Апрель ойи охирига қадар 50 мингта ана шундай тест тизимини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
“Коронавирус диагностика усулларини ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича олимларимиз томонидан диагностика гидлари яратилди ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Ўзбекистонда мавжуд қатор дори-дармонларнинг вирусларга қарши таъсири халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда ўрганилмоқда ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда”, деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ҳам коронавирусни аниқловчи миллий тестлар устида иш олиб борилаётгани ҳақида маълумот берганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 555 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 30 нафари даволанган, 3 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси