Ўзбекистонда коронавирус сабаб 16 минг киши карантинга олинди
Жамият
−
19 Март 2020 20862 1 дақиқа
Ўзбекистон коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида жами 16 минг киши карантинга олинди. Бу ҳақда бугун, 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.
Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга карантин назоратини таъминлаш юклатилди.
Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифалар қўйилди.
Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.
Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда беморлар 23 нафарни ташкил этмоқда.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь