Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони ортди
Жамият
−
26 Май 2020
25995Жорий йилнинг 19 май куни самарқандлик И. вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида оғир аҳволда ётқизилган. Ўтказилган таҳлиллар натижасида унда COVID-19 инфекцияси тасдиқланган. Пахтачи туманида яшовчи 63 ёшли (эркак) ушбу бемор 3 йилдан буён I-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, сурункали буйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташҳиси билан диспансер назоратида турган. 2017 йилдан буён доимий гемодиализ муолажасини олиб келган.
Шу йилнинг 25 май куни беморнинг аҳволи ёмонлашган, бурундан ва ички қон кетиш белгилари пайдо бўлган ва реанимация бўлимига олинган. Бўлимда беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, вазирликнинг турли йўналишлар бўйича бош мутахассислари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ходимлари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назорат таъминланган.
Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. Бу коронавирусдан вафот этган ўн тўртинчи бемор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда мамлакатда коронавирусга чалинганлар 3281 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунгача беморларнинг 2636 нафари соғайган.
LiveБарчаси