Ўзбекистонда коронавирус беморлари деярли қолмади – Бош вазир ўринбосари
Жамият
−
18 Декабрь 2020
8806Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев “Тошкент ёшлар форуми –2020” тадбирининг очилиш маросимидаги нутқида айтиб ўтди. Маросимда иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбири Бош вазир ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
“ Ушбу касаллик аниқланганидан бери давлат раҳбари олдимизга аниқ вазифалар қўйди. Биронтамизга тинчлик бермадилар, бир кун ҳам дам бермадилар. Асосий мақсадимиз халқимиз соғайиб кетиши эди.
Пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизимига шунчалик кўп пул берилдики, бу маблағлар 30 йил давомида тизимга ажратилган маблағдан ҳам кўпроқ бўлди.
Дунёнинг исталган нуқтасидан шу касалликни даволаш учун керак бўлган дорилар олиб келинди. Хориждан мутахассислар олиб келинди. Натижада, бугун Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади”, дейди Беҳзод Мусаев.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 75 675 нафарга етган. Шулардан 72 961 нафари касалликдан соғайган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 102 нафар бемордан 169 нафари оғир, 33 нафари эса ўта оғир аҳволда.