Ўзбекистонда карантиндаги шахсларнинг телефонини олиб қўйиш қонунийми?
Жамият
−
12 Апрель 2020
6863Ўзбекистон коронавирусга чалинганлар кўпайишдан тўхтаганича йўқ. Беморларнинг ортиши билан карантинга олинувчилар ҳам кўпаяди. Маълумки, Ўзбекистонда карантинга олинганларнинг қўл телефонлари олиб қўйилади. Кўпчиликда телефонларни ишлатишга рухсат бермаслик қанчалар тўғрилиги борасида саволлар туғиляпти. Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулла Примов шу саволларга жавоб берди.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга кўра, юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида юқумли ва паразитар касал деб гумон қилинаётган шахсларни ҳамда юқумли касалликларнинг юқиш йўллари ва омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг инсонга таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилиши белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган низомда карантинга жойлаштирилган коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки ушбу инфекция бор деб гумон қилинаётган шахсларнинг мобиль телефонлари, аудио ва видео ёзув ускуналари, кредит карталари ва маълумот тарқатувчи бошқа воситаларини вақтинча олиб қўйиш назарда тутилган. Булар ҳуқуқий жиҳати.
Энди нима учун олиниш сабабларини тушунтириб ўтаман:
• Асосан пластикдан тайёрланган телефонлар ва маълумот тарқатувчи бошқа воситалар ўзида инфекцияни сақлаш ва тарқатиш хусусиятига эга бўлгани боис, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитар қоидаларга зид келади. Чунки инфекция қоғоз ва пластикнинг юзасида энг узоқ вақт – 5 кунгача сақланиб қолади.
• Вақтинча олиб қўйилган нарсалар фақат мазкур шахснинг касалланган даврида мулоқотда бўлган бошқа инсонларни ва ташриф буюрган жойларни аниқлаш мақсадидагина ўрганилади.
• Жисмоний шахсларнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилиш имконини ҳам беради. Айрим ҳолларда ушбу муассасаларга жойлаштирилган бошқа шахсларнинг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш бўйича қонуний чекловларга риоя қилинмаяпти”, деди Примов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, коронавирусга чалинганлар 796 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor