Ўзбекистонда камбағаллик даражаси энг юқори бўлган ҳудудлар маълум қилинди
Жамият
−
26 Июль 2023
48498Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида камбағаллик даражаси қандай экани очиқланди. Бу бўйича статистика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тақдим этилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда республика бўйича 1 миллион 307 минг 800 та камбағал оила мавжуд бўлиб, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 14,1 фоизни ташкил қилмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 17 фоиз бўлган бўлса, шу йил якунига қадар камбағаллик даражасини 12 фоизга (1 миллион 180 минг оила) қадар тушириб, 130 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш режа қилинган.
Статистикага кўра, мамлакат бўйича камбағаллик даражаси энг паст бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри (8,5 фоиз), Навоий (9,2 фоиз) ва Фарғона вилоятлари (11,6 фоиз) ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси (19,7 фоиз), Сирдарё (19,5 фоиз) ва Хоразм (19,1) вилоятлари эса аксинча, камбағал оилалар нисбатан кўпроқ бўлган ҳудудлар сифатида таснифланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган камбағаллик чегараси – минимал истеъмол харажатлари бир ойда бир кишига 568 минг сўмни ташкил этиши маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакат нафақа миқдори бўйича МДҲ давлатлари орасида охирги ўринлардан жой олган. Унга кўра, Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори 97 долларни ташкил этиши айтилганди.
Бундан ташқари, яқинда “Милий тикланиш” демократик партияси депутати Алишер Қодиров ўзининг Twitter'даги саҳифасида одамнинг камбағаллашишига унинг илм ва ҳунари йўқлиги сабаб бўлишини ёзганидан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев унга жавоб қайтарган ва уларнинг ўртасида ўзига хос баҳс кетганди.
LiveБарчаси