Ўзбекистонда қурувчиларни текшириш учун махсус платформа ишга туширилади
Жамият
−
06 Февраль 4320 2 дақиқа
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими доирасида уй-жойлар қурилиши бўйича электрон платформа яратиб, 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишлашини таъминлайди. Бу ҳақда Президентнинг жорий йил 27 январь куни қабул қилинган “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, қурилишга улушдорларнинг маблағларини жалб қилувчи қурувчи қурилиш ташкилоти ва объект ҳақидаги қуйидаги маълумотларни электрон платформага жойлаштириб боради:
- ҳар бир қурилаётган объектнинг лойиҳа бўйича жойлашган аниқ манзили;
- қаватлари, кириш йўлаклари;
- хонадонлари ва нотурар жойлар сони ҳамда уларнинг майдони;
- туташ бўлган ҳудудлар;
- молиялаштирувчи тижорат банки;
- сотилган турар ва нотурар жойлар тўғрисидаги маълумотлар;
- ягона маъмурий қурилиш регламентларидаги ҳужжатлар;
- тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси;
- қурилиш бошланадиган сана ва фойдаланишга топшириш муддати;
- қурилиш ҳолати ва қонунчиликда талаб этилиши тақиқланмаган бошқа маълумотлар.
Электрон платформага маълумотлари жойлаштирилмаган ва ушбу маълумотлар электрон платформадан кадастр органларига майдонлари кўрсатилган ҳолда бинонинг алоҳида реализация қилинадиган қисмлари тақдим этилмаган объектлар бўйича тузилган улушли шартномаларга нотариал ҳаракатлар амалга оширилмайди ҳамда бундай шартномалар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.
Шунингдек, маълумотларни электрон платформага жойлаштирмаган қурувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёни янада тартибга солиниши ва“Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили жорий этилиши хабар қилинганди.
Қуйидагиларни назарда тутувчи “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили жорий этилади:
- турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
- мавжуд ер ресурсларидан самарали (интенсив) фойдаланган ҳолда уй-жойлар қурилишини ташкил қилиш;
- уй-жой қурилиши соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартириш;
- уй-жойларни улуш киритиш ва ипотека кредити асосида сотиб олишнинг ишончли ва самарали имкониятини яратиш;
- уй-жойлар қурилишида энергия самарадор қурилиш материалларидан фойдаланишни оммалаштириш.
Live
Барчаси