Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади
Жамият
−
29 Май 2020
10552Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова маълум қилди.
Қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қийноқнинг олдини олиш қўмитасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, ушбу қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган, яъни инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, ўз фаолиятида Республика Президенти ва Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдор бўлиши белгиланган.
Лойиҳада Қўмитанинг асосий вазифалари сифатида:
• жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
• қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш;
• жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш;
• қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;
• қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳада ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сутканинг исталган вақтида телефон орқали, шу жумладан видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасининг “call-маркази”ни ташкил этиш белгиланган.
Бундан ташқари, лойиҳада Қўмита қийноқнинг олдини олиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул давлат органи сифатида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси билан биргаликда фаолиятларини ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда:
• ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга ошириши, ушбу шахслар билан монеликсиз учрашиши, учрашиш жараёнида таржимон хизматидан ва маълумотларни қайд этиш учун электрон воситалардан фойдаланиши, шахсни тиббий, психологик текширувдан ўтказиш учун мутахассисларни жалб қилиши;
• қийноқдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш масаласида янгича дунёқарашни шакллантиришга қаратилган махсус дастур бўйича тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва жазони ижро этиш фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларини ҳар йили ўқитишни йўлга қўйиши назарда тутилган.
Муҳим жиҳатлардан яна бири, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг янги таҳрирдаги лойиҳаларида ушлаб турилган ва қамоққа олинганларга нисбатан қийноқнинг барвақт олдини олиш тартибини такомиллаштириш бўйича аниқ ҳуқуқий механизмларни белгилаш назарда тутилган.
Шунингдек, қийноқ учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси” талабларига мувофиқлаштирилишини таъминлаш белгиланган.
Тергов органларидаги қийноқ масаласида сайтимизда ҳам жиддий журналистик суриштирув натижалари эълон қилинганди. “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақолада “Бекобод металлургия иши” жиноий иши бўйича бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айблангани ва улар Бош прокуратура биносида аёвсиз таҳқирлангани ҳамда қийноққа солингани ҳақида сўз юритилган.
LiveБарчаси