Ўзбекистонда “ижтимоий карта” жорий қилинади
Жамият
−
20 Февраль
14737Жорий йилнинг 1 октябридан Ўзбекистонда аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштириш жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 20 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бунда “Саховат ва кўмак”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар ўтказилади.
Шунингдек, ушбу карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, йиғилишда “Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатишни йўлга қўйиш топширилди.
Билдирилишича, келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.
Таъкидланишича, ҳозирда нафақа олаётган, лекин меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг аҳоли учун зарур шароитлар яратилиши уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади.
LiveБарчаси