Ўзбекистонда исломий банклар ташкил этилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа 16 сентябрь кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилди. 

Мажлисда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев мамлакатда исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида лицензия жорий этилишини билдирди.

Қайд этилишича, ушбу лицензияга эга банклар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган молия операциялари ҳам аниқ белгилаб берилмоқда. Унга кўра, мустақил равишда исломий банк очиш ёки мавжуд банк таркибида исломий хизматлар кўрсатиладиган бўлим ташкил этиш имкони яратилади.

Мазкур ташаббус орқали аҳоли ва бизнес субъектларига шариат талабларига мос молиявий хизматлар таклиф этилиши, банклар ўртасида рақобат ошиши ва янги инвесторларни жалб қилиш кутилмоқда.

Ушбу лойиҳа билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда яна 8 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, қонунчиликка “исломий банк”, “молия операциялари”, “исломий молия стандартлари” ва “инвестициявий депозит” каби тушунчаларни киритиш кўзда тутилмоқда.

“Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига исломий молиявий хизматлар кўрсатувчи исломий банклар, исломий дарчалар ва исломий микромолиявий ташкилотларни ташкил этиш имконини беради. Натижада муқобил молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди, шунингдек, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситалари жорий этилади”, деган Турдалиев. 

Қайд этиш жоиз, 2022 йилда ўндан ортиқ банкларда ислом дарчаларини йўлга қўйиш устида ишлар бошлангани хабар қилинганди. 

Ўзбекистонда ислом молиясининг кенг кўламда жорий этилиши 5 млрд долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига ва мамлакатдаги рақобат муҳитига анча ижобий таъсир қилиши мумкинлигини давлат раҳбари ҳам айтиб ўтганди.

2024 йилда Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, лойиҳа йил охиригача парламентга киритилишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

исломий банк Аброрхўжа Турдалиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг