Ўзбекистонда инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони қарийб беш баробарга ошди
Жамият
−
15:07 185 2 дақиқа
Ўзбекистонда икки йилда инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони 729 тадан 3 минг 591 тага, яъни қарийб беш баробарга ошди. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди.
“Бугун тенгдошлари қаторида тўлақонли муҳитда таълим олаётган алоҳида эҳтиёжга эга 10 минг боланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?” дейди Президент.
Давлат раҳбари алоҳида ғамхўрликка муҳтож фарзандлар доимий эътиборда бўлишини таъкидлаган.
Яқинда Тошкент шаҳрида кўп функционал инклюзив ресурс мактаби иш бошлаган. У ерда кўриш, эшитиш ёки ҳаракатланишида нуқсони бўлган, шунингдек, руҳий ривожланишда қўшимча ёрдамга муҳтож болалар соғлом тенгдошлари билан бир муҳитда ўқиб, тарбия олади.
Бундай мактаблар йил охиригача Хоразм, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, келгуси икки йилда эса барча ҳудудларда очилади.
“Боғча боланинг қобилияти кашф этиладиган, зеҳни очиладиган масканга айланиши зарур”, дейди Президент.
Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларимизга мос дастур ишлаб чиқилган. 180 минг тарбиячи ва педагог янги методика бўйича ўқитилмоқда.
Ўйин орқали таълим беришга қаратилган дастур ҳозир боғчаларнинг 30 фоизида амал қилади. Йил якунига қадар у 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий этилади.
Тошкентда UNESCO шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш минтақавий маркази ва Италиянинг Режжио Эмилия маркази иш бошлаган. Улар халқаро стандартлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, ўйин орқали таълим бўйича амалий қўлланмалар тайёрлашга хизмат қилади.
Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячи хорижда стажировка ўтайди, барча боғчалар учун 100 та видеоконтент тайёрланади. Уч йиллик дастур асосида давлат боғчалари электрон доска, компьютер ва рангли принтер билан жиҳозланади.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь
Тошкентдаги овқатланиш шохобчасида ёнғин чиқди
29 Сентябрь