Ўзбекистонда ичимлик суви қамрови 90 фоизга етказилади
Жамият
−
20 июл 2429 3 дақиқа
Ўзбекистонда ичимлик суви қамрови 90 фоизга етказилади ва бунинг учун яна 1,3 млрд доллар жалб қилинади. Бу ҳақда бугун, 20 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, келгуси йилларда ичимлик суви таъминотини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизмати қамровини 80 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун қўшимча 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбари эришилган натижалар билан бирга лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш тизими ҳали талаб даражасида эмаслигини кўрсатиб ўтган.
Хусусан, Андижон шаҳридаги канализация тизимида юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун 107 миллиард сўм ажратилган. Сергели туманида ёқимсиз ҳид тарқалишининг олдини олиш мақсадида замонавий фильтрларни ўрнатиш ишлари бошланган.
Сурхондарё вилояти аҳолисини Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси доирасида Термиз шаҳригача тармоқ тортиб келинган. Йил якунига қадар Шеробод, Музработ, Ангор ва Жарқўрғон туманларига ҳам сув етказиб берилиши белгиланган.
Тақдимотда ҳудудлардаги энг долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган аниқ вазифалар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, 513 та маҳаллага марказлашган ичимлик сувини олиб бориш, яна 3 мингта маҳаллада таъминот сифатини яхшилаш зарурлиги таъкидланган.
Ичимлик сувини хонадонгача етказиш ишларини тўлиқ якунлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 232 мингта сув колонкаси ўрнига тармоқларни бевосита уйларгача тортиш кўзда тутилган.
Йил якунига қадар умумий қиймати 600 миллион долларлик ишлар амалга оширилади. Уларнинг доирасида 1,6 минг километр ичимлик суви ва 387 километр канализация тармоғи, 80 та сув ҳамда 29 та оқова сув иншооти қурилади.
Натижада 107 та маҳалладаги 310 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 453 та маҳаллада истиқомат қилувчи 2,5 миллион аҳоли учун сув таъминоти яхшиланади.
Қашқадарё вилоятида “Ҳисорак” сув омборидан ичимлик суви олиб келиш лойиҳасини жадаллаштириш вазифаси қўйилган. Қиймати 217 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа Қамаши, Ғузор ва Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳридаги 1,1 миллион аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш имконини беради.
Мутасаддиларга лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари экспертизасини қисқа муддатда якунлаш ва молиялаштириш манбасини аниқлаш топширилган.
Шунингдек, Фарғона, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик ва оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича қарз ва грант битимларини имзолаш, пойтахтда янги канализация иншоотини қуриш лойиҳаси юзасидан якуний хулоса киритиш вазифалари белгиланган.
1 сентябрга қадар умумий қиймати 317 миллион долларлик 6 та лойиҳа бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларни якунлаш ва молиялаштириш манбаларини белгилаш зарурлиги қайд этилган.
Сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани, ҳудудлар кесимида кескин фарқлар мавжудлиги соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган.
Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш, Магистрал сув таъминоти корхонасини ташкил этиш таклиф қилинган. У ҳудудий корхоналарга ичимлик сувини ягона улгуржи тариф асосида етказиб беради.
Ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифларини шаффоф ва иқтисодий асосланган мезонлар асосида белгилаш учун Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш, 2027 йил 1 апрелдан бюджет ташкилотлари учун ягона тарифни жорий қилиш вазифаси қўйилган.
Live
Барчаси