Ўзбекистонда электр ва газдаги узилишлар сабаби тушунтирилди
Жамият
−
13 Январь 2023
23067Қурилмаларда юкламанинг ортиши натижасида ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, совуқ ҳаво ҳарорат туфайли қувурларда газ босимининг пасайиши, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг кескин ортиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудлардаги, хусусан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги газ ва электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, таъминотда узилишлар содир бўлмоқда.
“Бугун кун давомида 100 дан ортиқ электр ва газ қурилмаларида юзага келган носозликлар бартараф этилди.
Носозликларни бартараф этиш учун барча корхоналарда 24 соат фаолият юритувчи махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар зарур транспорт воситалари, қўшимча электр ва газ қурилмалари захиралари билан таъминланган”, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Маълум қилинишича, тармоқларда юкламани камайтириш ҳамда энергия ресурсларини биринчи навбатда аҳоли ва тиббиёт муассасаларига етказиб бериш учун йирик саноат корхоналарига газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилган.
Шунингдек, барча ҳудудлардаги кўча ёритиш чироқларининг бир қисми ўчирилиб, ундан тежалган электр энергияси аҳолига йўналтирилмоқда.
“Шу ўринда истеъмолчилардан вазиятни тўғри тушунган ҳолда энергия ресурслардан имкон қадар самарали фойдаланишларини, ностандарт, энергия самарасиз қурилмалардан фойдаланмасликларини илтимос қиламиз. Иқтисод қилинган электр энергияси бошқа хонадонларнинг чироғи ёнишига сабаб бўлади”, дея келтирилаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган вазирлик.
LiveБарчаси