Ўзбекистонда “эгасиз жасадлар” нима қилинади?
Интервью
−
20 Март
21329Яқинда Қирғизистонда қариндошлари ёки яқинлари томонидан сўралмаган (эгасиз) жасадларни тиббиёт олий ўқув юртларига топшириш таклиф қилинди. Ташаббускор Жогорку Кенеш депутати Жилдиз Садирбоевага кўра, 30 кун ичида қариндошлари томонидан даъво қилинмаган жасадлар тиббиёт билим юртларига берилса, талабалар анатомик материаллар билан ишлашда кўникма ҳосил қилади ҳамда сифатли тиббий таълим, шунингдек, илмий тадқиқотларга комплекс ёндашувни таъминлайди.
Бу жараённинг Ўзбекистонда қандай ташкиллаштирилиши, сўралмаган жасадлар тақдири, экспертиза хулосасидан норозилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан “ҳамкорлик” каби саволларга жавоб олиш учун Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори Шерзод Рўзиев билан суҳбатлашдик.
Иқбол Эргашова, мухбир: — Ўзбекистонда сўраб келинмаган жасадлар бўйича мавжуд тартиб ҳақида гапириб берсангиз.
Шерзод Рўзиев, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, профессор: — Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра, инсон жасади устида текширишлар олиб бориш жиноят ҳисобланади ва биз сўралмаган мурдаларни олийгоҳларга бермаймиз. Ҳозир ҳамкорлик доирасида Қирғизистонда бўлиб турибмиз, лекин бизга бу ташаббус ҳақида айтишмади. Айтиб ўтишим керакки, улар бизнинг намунамизда илмий марказ очишмоқчи.
Ўзбекистонда бу жараённинг қандай олиб борилишига келсак, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 1 июндаги 153-сон буйруғининг V бобида Суд-тиббий мурдахоналарда мурдаларни қабул қилиш, қайд қилиш, сақлаш ва бериш тартиби келтирилган бўлиб, унинг 68-бандида номаълум шахслар мурдаси сақланиши етти кундан ошмаслиги тўғрисида таъкидланган. Уларни дафн этишни Ички ишлар ёки прокуратура идоралари таъминлайди.
Бундай ҳолатларда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ жойлардаги давлат ҳокимият идоралари томонидан, қонунчиликда кўзда тутилган тартибда ташкил этилган махсус хизмат томонидан дафн ишлари амалга оширилади. Мурдалар миллий ва этник урф-одатларга мос тарзда ювилган ва кийинтирилган ҳолда, зарур ҳолатларда кўмишни амалга ошираётган шахслар томонидан келтирилган тобутларда берилади.
И.Э.: — Суд-тиббий экспертизага олиб келинаётган жасадларнинг ўлим сабаблари кўпинча қандай омиллар билан боғлиқлиги кузатилмоқда?
Ш.Р.: — Суд-тиббий экспертизаси учун асосан, автотравма ҳолатлари, яъни ЙТҲ ёхуд енгил ёки оғир юк машиналари уриб юбориши оқибатида вафот этганларнинг жасадлари олиб келинмоқда, дейиш мумкин. Яна шуни таъкидлаш керакки, баландликдан йиқилиш ёки бирор жисм тушиб кетиши каби бахтсиз ҳодисалар оқибатида вафот этган шахсларнинг ҳам жасадлари олиб келинади. Ундан ташқари, касаллик туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари ҳам нисбатан кўпроқ учрайди.
И.Э.: — Баъзида “суд-тиббий экспертлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (ҲМҚО) билан “ҳамкорлик” қилади” деган даъволар қулоққа чалинади. Сиз бунга нима дейсиз?
Ш.Р.: — Бундай ҳолатлар кузатилмайди. Тўғри, биз ҲМҚО билан ишлаймиз, лекин бу улар билан тил бириктириб иш олиб боради дегани эмас. Ҳар бир суд-тиббий эксперти қонун ҳужжатларига таянган ҳолда иш олиб боради. Масалан, Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК) нинг 172-моддасида экспертиза тайинлаш учун асослар келтирилган. Унда эксперт олдига қўйилган саволлар ва унинг берган хулосаси экспертнинг махсус билимлари доирасидан ташқарига чиқиши мумкин эмаслиги белгиланган. Кодекснинг 173-моддаси эса экспертиза тайинлаш ва ўтказишнинг шартлиги тўғрисида бўлиб, унда ўлимнинг сабабини, етказилган тан жароҳатларининг хусусияти ва оғирлик даражаси келтирилиши шартлиги таъкидланган. Кодекснинг 180-моддасига кўра, экспертиза тайинлаш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради. Унда:
- экспертиза тайинлаш учун асос бўлган сабаблар;
- экспертизага юборилаётган ашёвий далиллар ва бошқа объектлар, уларнинг қачон, қаерда ва қайси ҳолатда топилганлиги ва олинганлиги;
- иш материаллари бўйича экспертиза ўтказишда эса эксперт хулосаси асосланиши лозим бўлган маълумотлар;
- эксперт олдига қўйилган саволлар;
- экспертиза муассасасининг номи ёки экспертиза ўтказиш топширилган шахснинг фамилияси кўрсатилиши лозимлиги айтилган.
Қолаверса, бошқа яна бир неча қонунлар хусусан, Жиноят кодексининг 238-моддаси (Ёлғон гувоҳлик бериш); 240-моддаси (Жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлаши) кабилар ҳам суд-тиббий экспертлари фаолиятини назорат қилади.
И.Э.: — Баъзи шахсларда суд-тиббий экспертиза хулосасидан норозилик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бунда улар тутиши мумкин бўлган йўллар қандай?
Ш.Р.: — ЖПКнинг 176-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда:
- эксперт хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда
- унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда
- экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда
қайта экспертиза ўтказиш бўйича ариза билан ички ишлар ёки прокуратурага мурожаат қилиниши мумкин.
И.Э.: — Суд-тиббий эксперти бўлиш учун қандай билим ва маҳоратлар керак? Бу касбнинг руҳиятга қандай таъсир қилиши, ишдан кейинги психологик чарчоқлар ҳақида гапириб берсангиз.
Ш.Р.: — Тиббиёт олийгоҳидан сўнг магистратура ёки клиник ординатурани тамомлаб шу соҳада фаолият олиб бориш мумкин. Давлат суд эксперти мақомини олиши учун эса аттестациядан ўтиш орқали олинадиган умумий профилдаги гувоҳномага эга бўлиш керак. Умуман олганда, бу касбни эгаллаш учун нафақат тиббиётнинг барча йўналишларини чуқур ўрганиш, балки бошқа соҳалардан ҳам хабардор бўлиш талаб этилади.
Албатта, иш жараёнида жисмоний ва психологик чарчоқлар кузатилиши табиий. Кўпчилик суд-тиббий экспертларига “ишингиз қийин эмасми” деб савол беради. Тўғри, қийин. Баъзилар эса “ишдан кейин спиртли ичимлик ичмасангиз, бўлмаса керак” дейди. Бу эса нотўғри қараш. Ҳозирги кунда экспертлармиз орасида бундай ходимлар йўқ деб бемалол айта оламиз. Улар дам олиш кунларини тинч-тотувлик билан оила даврасида ўтказиш орқали ишдаги рухий чарчоқдан халос бўлади. Баъзилари эса ишдан бўш вақтларида спорт билан шуғулланади. Тўғрисини айтганда, ишдан мақсад – ота-онани рози қилиш ва фарзандларни тўғри, ҳалол ўстириб, едириб-ичириш ҳамда ватанга фойдаси тегадиган баркамол авлодларни тарбиялаш!
И.Э.: — Сиз дуч келган энг ноодатий ёки эсда қоларли экспертиза иши ҳақида айтиб бера оласизми?
Ш.Р.: — Ҳа, албатта. Ишда бундай ҳолатлар жуда кўп бўлади. Мисол учун бир воқеани айтсам. Экспертиза учун катта ёшдаги эркакнинг мурдасини олиб келишди. Унинг қонида заҳарли моддалар бор-йўқлигини текшириш мақсадида олинган намуналар лабораторияга жўнатилди. Таҳлил натижалари жасаднинг қонида заҳарли модда топилганини кўрсатди. Тергов ходимлари томонидан суриштирилганида эркакка бу заҳарни ўзининг келини овқатга қўшиб бергани маълум бўлди. Келиндан нега бундай қилгани сўралганида, у бу ишни “чол тезроқ ўлса, ҳамма бойликлар эрим иккимизга қоларди. Бундан ташқари, унинг овқатини тайёрлаб, кир кийимларини ювишимга ҳам ҳожат қолмасди” деган мақсадда қилганини айтган. Бизда ҳамма ҳолат юзасидан одилона баҳо берилади ва ҲМҚО ходимлари ўз ишларини сидқи дилдан бажаргани учун шу кунга қадар барча жиноятлар очилмоқда.
И.Э.: — Илмий марказнинг қўшни ёки бошқа давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари қандай?
Ш.Р.: — Марказ ҳозирги кунда республикадаги барча тиббиёт институтлари билан ҳамкорлик қилади. Қолаверса, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон Республикалари ва Россия каби чет давлат суд-тиббий экспертиза марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ҳар йили тажриба алмашиш мақсадида мазкур давлат экспертлари ташриф буюради ва бизнинг экспертларимиз ҳам доимий равишда хориж сафарларига бориб, тажриба алмашиб қайтади. Илмий изланишларга келсак, Тожикистон суд-тиббий экспертлари бизнинг марказда мустақил изланувчилик институтига қабул қилинган ва илмий иш билан шуғулланишмоқда.
LiveБарчаси
24 Март
Дўрмонга ўт кетди.
24 Март