Ўзбекистонда динозаврларнинг фанга маълум бўлмаган ноёб тури аниқланди
Жамият
−
26 Февраль 2021
21205Ўзбекистонда топилган тош қолдиқларида авваллари фанга маълум бўлмаган динозавр тури аниқланди. У икки 2 қаватли автобусдан ҳам катта бўлган.
“Daily Mail” нашрининг ёзишича, Dzharatitanis kingi номини олган ушбу динозаврнинг узунлиги салкам 20 метрни ташкил этган ва у диплодок — сайёрада яшаган энг катта жонзотнинг қариндоши ҳисобланади.
Ушбу динозаврлар бундан 100 миллион йил олдин, Ер қитъаларга ҳали ажралмаган пайтда Осиё қитъасининг энг ғарбий қисмида жойлашган қирғоқ текислигида яшаган. Хивичсимон думи ва узун бўйни сабаб баланд дарахтлардан бемалол ўзига озуқа топа олган.
Динозаврга тегишли бўлган дум суяги Қизилқум чўлидаги “динозаврлар қабристони” деб аталувчи макондан халқаро археологлар жамоаси томонидан қазиб олинган. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу ердан умуртқали ҳайвонларнинг “асосан парчаланган, аммо асосай ажойиб ҳолатда сақланиб қолган скелет қолдиқлари” топилган.
Dzharatitanis kingi кичикроқ бош ва қаламсимон ўткир тишларга эга бўлган. Бу унга дарахтларнинг шохларини кесиб олиш имконини берган. Унинг массив каркаси тўртта устунсимон таянчда жойлашган. У бундан145,5 миллион йил олдин бошланиб, 65,5 миллион йил олдин тугаган Бўр даврида яшаган.
Топилма нафақат янги тур, балки реббахизавридлар оиласидаги янги туркум мавжудлигини билдиради. Реббахизавридлар — Ер юзида ҳозирга қадар яшаган энг йирик жонзотлар ҳисобланади. Реббахизавридларнинг барча қолдиқлари Жанубий Американинг жанубий қисмидан шимоли-шарқий қисмига қадар ва Африканинг шимоли-ғарбидан Европагача бўлган ингичка қисмидан топилган, бироқ Осиёда унга ҳеч қачон дуч келинмаган.
“Бу Осиёда топилган илк реббахизаврид ва энг ёшларидан бири”, деган тадқиқотнинг етакчи муаллифи Россия Фанлар академияси вакили доктор Александр Аверьянов.
Тахминларга кўра, реббахизавридлар Осиёга Европадан келиб қолган. Аммо бу қачон содир бўлгани номаълум. Негаки Бўр даврининг асосий қисмида Осиё ва Европа Тургай бўғози билан ажралиб турган. Аммо икки йирик қитъа ўртасида қуруқликдан боғланиш бўлган.
LiveБарчаси