Ўзбекистонда COVID-19 юқтирган 4 бемор оғир аҳволда

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланяпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

“Ҳозиргина Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти билан бўлган суҳбатимизга кўра, беморларнинг 19 нафарида пневмония кузатилиб, 4 нафари оғир, 2 нафари эса нисбий оғирроқ деб баҳоланмоқда”, деди Отабеков.

У 7 нафар беморнинг даволангани ва реабилитация марказига ўтказилганини маълум қилди. Отабеков касалликнинг кенг миқёсда тарқалишига йўл қўймаслик учун фуқароларни уйга қолишга чақирди.

“Ҳар бир бемор тиббий назорат остида бўлиб, тегишли муолажаларни олмоқда. Қувонарлиси, бугун 7 нафар дастлабки соғайган беморларимиз шифохонадан чиқарилиб, реабилитация марказига ўтказиляпти. Бу Ўзбекистон тиббиётининг катта ютуқларидан бири. Бу каби хушхабарлар кўп бўлишига умид қиламиз.

Аммо халқимиз, яқинларимизнинг саломатлигини сақлаш бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик! Қаттиқ тартиб-интизом ва карантин тадбирларига жиддий риоя қилиш орқали вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин. Имкон қадар уйда қолинг, ортиқча эҳтиёж бўлмаса кўчага чиқманг, муносабатларни, мулоқотларни кескин камайтиринг.

Уйда бўлиб, инфекциянинг кўчадан кириб келишига йўл қўймасангиз хавфсиз бўласиз. Бир қарашда оддий, аммо жуда ҳам зарур бўлган ушбу талаблар ижроси таъминланиши натижасида касаллик кенг тарқалиб кетмаслиги исботланган ва тасдиқланган амалиётдир”, дейди Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 133 нафарга етди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

310

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг