Ўзбекистонда “болалар нафақаси”, “суюнчи пули” ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича ўзгариш бўлди
Жамият
−
05 Январь
73465Эндиликда бир қатор ижтимоий тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда агентликнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Президент фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ижтимоий тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди:
- ёшга оид нафақа;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилига нафақа;
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа (1 ва 2-гуруҳ, 18 ёшдан катта);
- 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари учун нафақа;
- кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси;
- кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;
- фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (“суюнчи пули”);
- дафн қилиш учун нафақа (“дафн пули”).
Бунда ижтимоий тўловлар учун ариза бериш, уларни кўриб чиқиш, тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади. Эндиликда фуқаролар мазкур ижтимоий тўловлар билан боғлиқ барча саволларига туман ёки шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига мурожаат қилишлари мумкин.
Маълумот учун, айни пайтгача Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасида хизматларни кўрсатиш бир неча ташкилотларга юклатилганди. Эндиликда босқичма-босқич ижтимоий ҳимоя масалалари агентлик тасарруфига ўтади.