Август ойида қандай об-ҳаво бўлади?
Бу қизиқ
−
30 Июль
30554Август ойида об-ҳаво ҳарорати аста-секин пасайишни бошлайди. Бу ҳақда Ўзгидрометнинг август ойи учун об-ҳаво прогнозлари эълон қилинди.
Қайд этилишича, республика ҳудуди бўйича август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойига нисбатан 1,5-2,5 даражага паст бўлади. Навбатдаги ҳароратнинг мутлақ максимуми ҳам июлнинг максимумидан паст бўлади.
Шундай қилиб, Тошкентда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори ҳаво ҳарорати июль ойида 44,6 даражани (бундай ҳарорат 1997 йилда қайд этилган), август ойида эса 43,1 даражани (1944 йил) ташкил этади.
Келтирилишича, сўнгги 10 йил ичида август ойида 41,8 даража бўлган энг юқори ҳарорат 2019 йилда кузатилган. Республиканинг энг чекка жануби – Термиз шаҳрида энг юқори ҳарорат июль ойида 48,6 даражани (1914 йил) ташкил қилган бўлса, август ойида 46,3 даража (1947 йил) бўлади. Август иқлим хусусиятлари жиҳатидан июль каби иссиқ бўлмаса-да, бу ҳали ҳам жуда иссиқ ой деб ҳисобланади.
Унга кўра, ҳудуднинг катта қисмида август ойида асосан кундузги ҳарорат 33-38 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда 37-42 даражани ташкил этади. Иссиқ об-ҳавонинг энг юқори чўққиларида айрим кунларда ҳаво ҳарорати 40-42 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 43-45 даражага етади. Шунга қарамай, август ойининг иккинчи ярмида куз фасли яқинлашаётгани сезилади. Салқин ҳавонинг кириб келиш сони кўпаяди. Ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони июль ойига нисбатан сезиларли даражада камаяди.
Ойнинг биринчи беш кунлигида кундуз кунлари ҳаво 39-41 даража, жанубда 42-44 даражагача исийди. Кейинчалик иссиқ бироз пасаяди ва ҳудуднинг катта қисмида биринчи ўн кунликнинг охиригача кундузи ҳаво ҳарорати 36-39 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда 40-42 даражагача бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кечалари 22-25 даражадан 17-20 даражагача, кундузи 35-38 даражадан 30-33 даражагача ўзгариб туради. Август ойи қуруқ бўлиши кутилмоқда. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши прогноз қилинмоқда. Ойнинг учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қачон аномал иссиқ бўлиши ҳақида прогнозлар очиқланганди.