Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бошланди
Жамият
−
19 Июнь
19744Ўзбекистон томонидан Қозоғистон билан чегарадан 55 км узоқликда, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинида атом электр станциясининг қурилиши бошланди. Бу ҳақда “Orda.kz” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, қурилажак АЭС Қозоғистон билан чегарадан 55 км узоқликда жойлашган бўлиб, Қозоғистон Энергетика вазирлиги ундан радиоактив моддалар сизиб чиқмаслигига ишонтирди. “Росатом” лойиҳанинг бош ташкилотчиси бўлиб, унда ўзбекистонлик компаниялар ҳам иштирок этади.
“Қурилиш жараёнида Россиянинг РИТМ-200Н реакторидан фойдаланилади. Бу денгиз технологиясининг қуруқликка мослашувидир. Реакторнинг иссиқлик қуввати 190 МВт, электр қуввати эса 55 МВт, хизмат муддати 60 йилгача. РИТМ-200 реакторлари Россиянинг ИЭСларида қўлланилади. Ушбу реакторнинг хавфсизлиги аварияларнинг олдини оладиган кўп даражали ҳимоя тизимлари билан таъминланади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия 2017 йилдан буён АЭС лойиҳасини муҳокама қилиб келади. 2019 йилда Тузкон кўли яқинида жой танланганди. Йирик атом электр станциясидан ташқари улар умумий қуввати 330 МВт бўлган кичик модулли реакторлар қуришни ҳам режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ҳукумат брифингида Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган атом электр станциясининг формати, платформаси ва ягона энергия тизимининг ишлашига қандай таъсир қилишини аниқлаш зарурлиги ҳақида маълум қилганди.