Ўзбекистонда 9 ойда 18 мингдан ортиқ шахс озодликдан маҳрум қилинди

3-саҳифа

−

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида жиноят ишлари бўйича судлар 64 902 та ишни кўриб чиқди. Натижада 57 376 нафар шахс судланди, 385 нафар шахс, жумладан, 161 нафар қатағон қурбони оқланди ва реабилитация қилинди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.

Ҳисобот даврида судланганларнинг 18 026 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 38 737 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган. Яна 613 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланганларнинг 50 435 нафари эркак, 6 941 нафари аёл бўлган. Шунингдек, улар орасида 21 670 нафар ёш, жумладан, 2 097 нафар вояга етмаган ҳамда 60 ёшдан ошган 2 052 нафар шахс бор.

Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Кўриб чиқилган ишларнинг асосий қисмини фирибгарлик, ўғрилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, баданга қасддан шикаст етказиш ва безорилик ташкил этган.

Бундан ташқари, 6 377 нафар шахс озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани сабабли суд залининг ўзида қамоқдан озод қилинган. Дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз қўйилган айблов моддалари 13 938 нафар шахсга нисбатан айбловдан чиқарилган ёки қайта малакаланган.

Ҳисобот даврида 26 794 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 8 761 нафарининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган. Ярашув институтининг қўлланилиши натижасида эса 18 844 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 34 325 та хусусий ажрим чиқарилган.

Шунингдек, апелляция тартибида 6 509 та жиноят иши 8 659 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилиб, 314 нафар шахс бўйича суд қарорлари бекор қилинган, 1 830 нафарига нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.

Кассация тартибида 4 504 та иш 5 060 нафар шахсга нисбатан кўрилган. Ушбу тартибда 354 нафар шахсга оид қарорлар бекор қилиниб, 1 188 нафарига нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.

Тафтиш тартибида эса 3 931 та жиноят иши 4 576 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилган. Натижада 114 нафар шахсга оид қарорлар бекор қилиниб, 492 нафарига нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида 420 мингдан ортиқ шахс маъмурий жазога тортилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг