Ўзбекистонда 750 минг долларлик экспедиция ўтказилади
Жамият
−
18 Март 2019
4085Жорий йилнинг ёз мавсумида бутун дунёдан тўпланган 30 кишидан иборат тадқиқотчи археологлардан ташкил этилган гуруҳ Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 16 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Норбаева бошчилигидаги делегация, шунингдек, Қўшма Штатлардаги дипломатик ваколатхона раҳбарлари Американинг энг қадимги илмий муассасаларидан бири бўлмиш дунёдаги етакчи тадқиқотчилар, олимлар ва кашфиётчиларни бирлаштирган тадқиқотчилар Клубининг ҳар йили ўтказиладиган 115-йиғилишида қатнашди.
Ушбу тадбир одамнинг илк бор Ойга чиқишининг 50 йиллигига бағишланган бўлиб, унда дунёнинг турли бурчакларидан 2 мингга яқин меҳмон, жумладан, Канада Бош вазири, Португалиянинг туризм бўйича Давлат котиби, “Аполлон” миссиясининг олти нафар астронавти, Халқаро космик станцияларнинг космонавтлари, шунингдек, таниқли олимлар, тадқиқотчилар, еткачи компания раҳбарлари ҳамда жаҳон шоу-бизнесининг вакиллари иштирок этди.
Тадбир дастурининг энг асосий маросимларидан бири бу 2019 йилнинг ёзида бутун дунёдан тўпланган 30 нафар етакчи археологлардан иборат Клубнинг Ўзбекистонга экспедициясини эълон қилиши бўлди.
Мақсад — замонавий Қорақалпоғистон ҳудудида кашф этилган қадимий Хоразмнинг пойтахтларидан бири бўлган “Бозор-қалъа” тарихий қалъасини ўрганишдир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мажмуа эрамиздан аввалги 6-4 асрларга таалуқли. Тадқиқот давомида чет эл олимлари ўша даврнинг маданияти, маҳаллий аҳолининг маданий хусусиятларини, Аҳамонийлар империяси билан сиёсий алоқалари, шунингдек, кўчманчи турмуш тарзидан ўтроққа ўтиш жараёнини ўрганади.
11 октябрь куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтадиган Клуб аъзоларининг кузги мажлисида экспедиция иши тўғрисида ҳужжатли филм тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.
Америка томоннинг маълумотларига кўра, экспедициянинг бюджети 750 минг АҚШ долларни ташкил этиб, тўлиқ йўналтираётган томондан қопланади. Тадбирнинг бош ҳомийси Япониянинг Infiniti компаниясидир. Экспедиция ишида NASA’нинг юқори технологияларидан фойдаланилиши кўзда тутилган.
Тадқиқотчилар клуби раҳбарияти билан музокаралар давомида АҚШнинг етакчи олим ва тадқиқотчи аёлларининг Ўзбекистонга ташрифи ва “Ўзбекистон сеҳрли мамлакатига Тадқиқотчилар клуби билан бориш учун таклифнома” телевизион лойиҳасини АҚШнинг PBS телеканалида намойиш этиш орқали бир йил давомида 114 миллион томошабинни қамраб олиш масалалари муҳокама этилди.
LiveБарчаси