Ўзбекистонда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш мажбурий бўлади

Ўзбекистон

−

image

Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб барча 6 ёшли болаларни бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бунинг учун бепул тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, улар зарур жиҳозлар билан таъминланади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йил 10 ноябрь куни имзолаган “Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Президент фармони билан 7 та миллий дастур ҳамда уларни 2027–2031 йилларда амалга ошириш режалари тасдиқланган.

Ҳужжатда таълим ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, жорий йил декабрь ойига қадар ҳудудларда мактабгача тайёрловга бўлган эҳтиёж ўрганилиб, қанча педагог ва ўқув жиҳозлари зарурлиги аниқланади. Бепул тайёрлов гуруҳлари учун ажратилган хоналар эса 2027–2028 йилларда мебель ва бошқа керакли воситалар билан жиҳозланади.

Шунингдек, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида ҳар йили камида 100 та боғча қуриш ёки мавжудларини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки кўмагида Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида 500 та мактабгача таълим ташкилоти очилади.

Хусусий боғчалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам давом эттирилади. 2027 йил апрель ойига қадар уларга ер ажратиш ва имтиёзли кредитлар бериш тизимини назарда тутувчи меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, нодавлат боғчалар тарбиячилари учун “Тарбиячи” номли таълимни бошқариш платформаси ишга туширилади. Унда педагоглар замонавий ўқитиш усуллари бўйича видеодарслар, услубий қўлланмалар, тестлар ва интерактив машғулотлардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Янги тартибга мувофиқ, боғчаларга давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳам таълим сифати билан боғланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг