Ўзбекистонда 50 га яқин талаба наркотик билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
09 Октябрь 7334 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 6 ойи ичида олий ўқув юртларининг 46 нафар талабаси наркожиноятлар билан шуғулланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Муҳаммадқодир Маҳмудовга таяниб, ЎзА хабар берди.
Билдирилишича, наркотикларни сотишни касб қилганлар наркокурьер сифатида талабаларни танлаётгани кузатилмоқда.
“Наркотиклар таъсирига билиб-билмай тушиб қолган ёшлар ҳаёти, келажаги барчани бирдай ўйлантиради, албатта. Бундай тубсиз жар томонга бораётганлар нафақат яқинлари, балки жамият учун ҳам зарар келтириши шубҳасиз”, дейди у.
Унинг айтишича, замон тараққий этгани, технология ва интернет ривожланиб боргани сайин гиёҳвандлик воситалари тарқатувчилар ҳам савдо кўринишини ўзгартириб, мураккаблаштириб бормоқда. Аввал қўлдан-қўлга ўтган оғу бугун номаълум локациялар ва ноаниқ шахслар томонидан тарқатилмоқда.
Бугун наркотикларнинг шакли ҳам ўзгариб бормоқда. Авваллари гиёҳвандлик воситалари табиий кўринишда учраган бўлса, бугунги кунда турли маҳсулотлар таркибида, жумладан, ичимликлар, қувватлантирувчи озуқалар, қаҳва, ширинликлар ва шу каби маҳсулотлар таркибида учраётгани даҳшатлидир. Битта истеъмолдаёқ ўзига қарам қилувчи воситалар жинс, ёш, ижтимоий қатлам танламаяпти.
Ноқонуний, яширин нарколабораторияларда тайёрланаётган препаратлар эса юқоридагилардан-да хавфлироқдир. Ҳаттоки, битта доза истеъмоли ўлим билан якун топиши ҳам мумкин. Рақамларга назар солсак, 2024 йил давомида 5 та, 2025 йил 6 ойида эса 8 та нарколаборатория аниқланган.
“Муаммонинг яна бир хавфли томони – ота-оналар иш ва бошқа муаммолар билан бўлиб, фарзандларининг оғу таъсирига тушиб қолганидан хабарсиз қолмоқда. Сабаби, бугунги наркотиклар аввалгиси каби ўзини тезда намоён қилмайди”, дейди Маҳмудов.
Гиёҳвандлик воситаларининг истеъмоли ортгани сари наркожиноятлар сони ҳам ошиб бормоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг саъй-ҳаракати натижасида жорий йилда аниқланган наркожиноятлар ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Тошкент туманида интернет тармоғи орқали синтетик наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси – Тошкент шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасининг 3-курс талабаси қўлга олинганди.
Live
Барчаси