Ўзбекистонда 5 нафар бола коронавирусга чалинган
Жамият
−
31 Март 2020
16241Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан хасталанганлар 158 нафарни ташкил этмоқда. Уларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида, халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, беморлар билан яқин мулоқот қилган фуқаролар ҳам зудлик билан аниқланиб, улар саломатлиги устидан 14 кунлик стационар карантин кузатуви ҳам ўрнатилган. Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.
Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг аксарияти Тошкентда муолажа олишмоқда ва улар орасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан бўлган фуқаролар ҳам бор.
Жумладан, ҳозиргача Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида жами даволанаётган 92 нафар бемордан 7 нафари соғайган бўлса, 1 нафари вафот этган. Ҳудудлар кесими бўйича: Тошкент шаҳридан 73, Бухородан 2, Қашқадарёдан 2, Навоийдан 2, Самарқанддан 7, Сирдарёдан 1 ҳамда Тошкент вилоятидан 5 нафар бемор пойтахтдаги ушбу тиббиёт муассасасида даволанмоқда.
Қолган 66 нафар бемор (шундан бир нафари вафот этган) мамлакатнинг турли ҳудудларидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда.