Ўзбекистонда ҳисоблагичлар кўриги узайтирилди
Жамият
−
09 Сентябрь 2019
7468Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашевга кўра, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энергия манбаларини ҳисобга олиш приборларини қиёслаш билан боғлик ишларни амалга ошириш учун мурожаатлари Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинади.
Илгари ҳисоблагичларни ечиш учун ҳудудий энергия таъминот корхоналарига, ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун метрология хизматларига, ҳисоблагич носоз деб топилса, таъмирлаш корхоналарига ва яна бир бор ҳудудий энергия таъминот корхоналарига ҳисоблагичларни қайта ўрнатиш учун мурожаат қилинар эди.
Яна бир муҳим ўзгариш бу ҳисоблагичларни қиёслаш даврийлиги билан боғлиқ. Янги тартибга асосан, ҳисоблагичларнинг қиёслашлараро муддатлари икки бараварга узайтирилди — электр, газ ва сув ҳисоблагичлари жисмоний шахслар учун 8 йил, юридик шахслар учун 4 йил қилиб белгиланди.
Янги тартибга биноан, ҳудудий таъминот корхоналари ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин талабгорнинг ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириш бериши зарурлиги белгилаб қўйилди.
Яна бир муҳим масала — ҳисобга олиш ускунаси талабгорнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб Бюрони хабардор қилган ҳолда, ҳисобга олиш бузилишига ёки қиёслашдан ўтказишга қадар бўлган олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Ҳисобга олиш ускунаси бир ой муддатда ўрнатилмаган ҳолларда ҳисоб-китоб ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.