Ўзбекистонда ҳар йили апрель “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади
Жамият
−
13:39 760 2 дақиқа
Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади. Хусусан, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади. Бу ҳақда Президентнинг бугун, 6 февраль куни қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради. https://president.uz/oz/lists/view/8917
Қарорга кўра, жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади. Ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади ва бунда таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар уюштирилади.
Қуйидагиларни назарда тутувчи 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланди, жумладан:
- 9–10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;
- “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш;
- “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси”, “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” китоб-альбомларини яратиш;
- Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.
Live
Барчаси