Ўзбекистонда ҳақиқий куз қачон бошланиши айтилди

Бу қизиқ

image

Умумий тақвимга мувофиқ сентябрь ойининг бошланиши куз фаслининг кириб келганини билдиради. Аммо Ўзбекистонда ҳақиқий куз фасли нисбатан кечроқ бошланади. Хўш, ҳақиқий куз фасли Республика ҳудудида қайси санадан бошланади? Ушбу мавсумда Ўзбекистон бўйлаб қандай об-ҳаво кузатилади? Мазкур саволларга Гидрометеорология хизмати маркази жавоб берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда кузнинг бошланиши иқлим шароитига кўра, тақвим саналарига мос келмайди. Сентябрь ойи тақвим бўйича куз ойи деб ҳисоблансада, лекин Ўзбекистонда кам булутли ва қуруқ об-ҳавода ўтади. Фақат ёз фаслига қараганда қулайроқ ҳарорат фони устун туради.

Иқлимшунос олимларнинг фикрича, Ўзбекистонда куз аслида ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати 20 даражадан пастга тушганда бошланади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида 20 даражадан пастга тушади, аммо ой охиригача ушбу кўрсаткичга яқин бўлиб туради.

Сентябрь ойида ёғингарчилик йилнинг энг қуруқ ойи – август ойига нисбатан бироз кўп бўлади. Ҳудуднинг катта қисми бўйича ойлик ёғингарчилик миқдори камроқ бўлиб, 2-5 миллиметрни ташкил этади. Бу кўрсаткич жанубда ва чўл ҳудудларида эса янада пасаяди.

“Октябрь ойида кунлар қисқара бошлаганда, ҳарорат пасайиши сезиларли бўлиб, ёмғир тез-тез ёғганда ҳақиқий куз бошланади. Албатта, сентябрь ойидаги об-ҳаво шароити ҳар доим ҳам иқлимий, яъни ўртача кўп йиллик шароитларга мос келмайди. Айрим йилларда ёғингарчилик меъёридан 2-3 марта кўп ёки ойнинг ўртача ҳарорати меъёридан 1-1,5 даражага паст бўлади. Аммо бундай сентябрь ойлари кам, ўртача ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилади”, дейилади Ўзгидромет тақдим этган маълумотда.

Таъкидланишича, октябрь ва айниқса ноябрда ўртача ҳаво ҳарорати янада юқори тезликда пасайишда давом этади. Ёғингарчилик тез-тез ва кўпроқ миқдорда бўлади. Ноябрь ойида ва камдан-кам ҳолларда октябрь ойида ҳарорат салбий қийматларгача пасаяди ва нафақат ёмғир, балки қор ҳам ёғади.

Ўзбекистонда куз ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати 5 даражагача пасайганга қадар давом этади. Ҳудуднинг катта қисмида бу тақвим саналарига мос бўлиб, ноябрь ойининг энг охирида содир бўлади. Бироқ Республиканинг шимолида "иқлимий куз" ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида тугайди. Аммо энг чекка жанубда эса деярли декабрь ойининг охиригача ўртача кеча-кундузлик ҳарорат 5 даражадан юқори бўлиб қолади.

“Ушбу ҳафта охиригача Республика ҳудуди бўйича об-ҳаво шароитида деярли ўзгаришлар кутилмайди. Кейинги ҳафтада об-ҳаво ёмонлашиши мумкин, аммо бу қисқа муддатли бўлади. Шуни айтиш жоизки, сентябрь ойининг ўртаси бўлишига қарамай, Ўзбекистонда "иқлимий ёз" давом этмоқда”, дея қўшимча қилган агентлик.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво куз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг