Ўзбекистон ЖСТга аъзолик борасида Россия билан сўнгги протоколни имзолади
Жамият
−
22 Декабрь 3900 2 дақиқа
Кеча, 21 декабр куни Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили Азизбек Ўринов Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан биргаликда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида икки томонлама бозорга кириш музокараларини якунловчи протоколни имзолади. Бу ҳақда Ўринов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзиб қолдирди.
Унинг таъкидлашича, мазкур музокара Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтган.
“Музокаралар узлуксиз, аммо мазмунли ва конструктив бўлиб ўтди ва бугунги ижобий натижа билан якунланди. Мен ушбу имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг аъзо бўлиш жараёнидаги фаол иштироки учун Россия Федерациясига, раҳбарлиги учун вазир Максим Решетниковга, қўшган муҳим ҳиссаси учун хоним Майоровага, кўмаклашгани учун элчи Платоновга ва қимматли ҳамкорлиги учун Россия музокаралар гуруҳига самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман”, дея ёзган Ўринов.
Президент вакили, шунингдек, айни пайтда кўп томонлама музокараларни илгари суришга, зарур қонунчиликни янгилашни якунлашга ва келгуси йилда аъзо бўлиш жараёнини муваффақиятли якунлашга тўлиқ эътибор қаратилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 декабрь куни Тошкентдаги “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Парагвай Президенти Сантьяго Пенья ҳузурида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги баённома имзоланганди.
Қолаверса, Ўзбекистон ўтган ойда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича яна икки мамлакат – Канада ва Панама билан музокараларни якунлади. Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Ўринов Россия билан музокаралар деярли якунлангани, олдинда фақат Тайвань билан мулоқот қилиш турганини айтганди.
Live
Барчаси