Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишни тезлаштирмоқчи
Жамият
−
14 Май 6485 2 дақиқа
Бугун, 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни ва уни жадаллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда давлат раҳбари томонидан ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда уни сифатли ва тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.
Унга кўра, жорий йилда қолган 9 та мамлакат билан икки томонлама музокараларни якунлаш, ишчи гуруҳининг 2 та йиғилишини ўтказиш ҳамда ишчи гуруҳнинг ҳисобот лойиҳасини якунлаш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТ доирасидаги мажбуриятларини тўлиқ шакллантириш вазифалари аниқ белгилаб берилган.
Шунингдек, қонунчиликни ташкилот талабларига мослаштириш доирасида 15 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланган. Жумладан, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида" янги таҳрирдаги қонунларни қабул қилишни тезлаштириш ҳамда бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан яқиндан ва самарали ҳамкорликни таъминлаш Президент томонидан муҳим вазифа сифатида белгилаб берилган.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳаларини ислоҳ қилиш, ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилган.
Маълумот учун, давлат раҳбарининг назорати асосида 2023 йилдан бошлаб ЖСТга аъзо бўлиш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент фармони билан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик янада жадаллаштириш мақсадида давлат иштирокидаги корхоналарнинг махсус (эксклюзив) ҳуқуқлари бекор қилиниши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси