Ўзбекистон Жаҳон банкидан яна 800 млн доллар қарз олади
Жамият
−
09 Декабрь 2023
6718Жаҳон банки Ўзбекистонга махсус имтиёзли шартлар асосида 800 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияни маъқуллаган. Операция доирасида мамлакат ҳукуматига ижтимоий, иқтисодий ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш учун молиявий ёрдам кўрсатилади. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштириш, фуқароларга тенг иқтисодий имкониятларни таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам замин яратишдан иборат.
"Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишда сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, бу жараённи тезроқ якунлаш ва амалдаги иқтисодий моделни янада экологик тоза ва адолатли моделга айлантириш зарурати мавжуд. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қатор мақсадларга эришишга ёрдам беради", дейилади баёнотда.
Ҳукумат 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баравар қисқартиришни ва 2030 йилга келиб мамлакат даромади ўртачадан юқори бўлган иқтисодиётлар қаторига қўшилишини таъминлашни мақсад қилган. Ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодий ўсиш жараёнини жадаллаштириш лозим. Бунга давлатнинг иқтисодиёт устидан назоратини камайтириш ва хусусий секторни иқтисодий ривожланишнинг асосий кучига айлантириш орқали эришиш мумкин.
"Жаҳон банкининг янги операцияси ҳукумат кун тартибидаги асосий устувор вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, темирйўл, кимё саноати ва энергетика каби муҳим тармоқларда давлат назоратини камайтиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Кўриладиган чора-тадбирлар хусусий секторнинг ушбу тармоқларни ривожлантиришда янада фаол иштирок этиши учун имконият яратади. Шунингдек, ушбу операция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга ҳамда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга ёрдам беради", дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Операция доирасида Жаҳон банки ҳукуматга махсус имтиёзли шартлар асосида 800 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар шаклида молиявий ёрдам беради. Ушбу маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида ҳозирги кунда мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларига нисбатан пастроқ фоиз ставкасида ва узоқроқ муддатга тақдим этилади. Натижада Ўзбекистон учун кредит маблағларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар сезиларли даражада камаяди. Бу, ўз навбатида, мамлакатга муҳим молиявий ресурсларни тежаш имконини беради, тежалган маблағлардан устувор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиш мумкин.
"Ҳукумат Ўзбекистонни янада очиқ ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига айлантирувчи ислоҳотлар дастурига қатъий содиқлигини билдиради. Жаҳон банки ушбу мақсадга эришишда зарур экспертиза, халқаро тажриба ва молиялаштириш орқали мамлакатни қўллаб-қувватламоқда", дейди Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Қаршибоев.
Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган молиявий ресурслар иқтисодиётнинг бир қатор муҳим тармоқлари, жумладан, эенергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, давлатнинг фискал мажбуриятларини бошқариш, ижтимоий ҳимоя, экология ва темирйўл соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва зарур чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга 50 млн доллар қарз бериши ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси