Ўзбекистон йўл таъмирлаш учун ОТБдан қарз олади
Жамият
−
07 Апрель 2022
10568Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги автомагистралларни таъмирлаш учун 273,8 млн доллар қарз беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорда айтилишича, ОТБ Директорлар кенгаши томонидан “Миллий автомобилъ йўлларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш учун 4 йиллик имтиёзли давр билан 24 йил муддатга 273,8 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари ажратиш маъқулланган.
Қарз маблағларининг:
• 183,8 млн АҚШ доллари “4Р105 “Дарбанд – Бойсун – Элбаён” автомобиль йўлининг 5—70 км.лари ва 4Р100 “Мангузар – Жарқўрғон – Бандихон — Олтинсой – Денов” автомобиль йўлининг 128—174 км қисмларини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга оширишга;
• 90 млн АҚШ доллари – “АЗ80 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 228—315 км (87 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини якунлашга сарфланади.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 6 йил (2022-2027-йиллар, шу жумладан тўрт йиллик имтиёзли давр).
Ҳужжатда автомобиль йўллари қўмитаси лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, ОТБ қарз маблағларидан мақсадли фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш учун масъул ижро этувчи орган эканлиги белгиланди. Унинг қошида лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилди. Қўмита раисига лойиҳа доирасида ОТБ билан лойиҳа шартномасини имзолаш ваколати берилган.
ОТБ кредитини тўлаш, шунингдек, у бўйича фоизлар, комиссиялар ва бошқа тўловларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил якунига бўйича Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи биринчи марта 40 млрд доллардан ошиб 41,6 млрд долларни ташкил қилганди.
LiveБарчаси