Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлади
Жамият
−
18 Март
1912Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши мумкин. Шуни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бугун, 18 март куни Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга (Остона, 2006 йил 12 январь) қўшилиши тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
“Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашишдир.
Мазкур ҳужжатга кўра, ушбу банк ўз фаолиятини халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ, умумэътироф этилган банк фаолияти тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ амалга ошириши, шунингдек, Банк низоми ушбу Битимга илова қилинган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Банк Низомида Евросиё тараққиёт банки фаолияти, мақсад ва вазифалари, функциялари, имтиёзлари, устав капитали ва унга обуна бўлиш шартлари ҳамда Банк бошқарувига оид тартиб-қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, Евросиё тарақкиёт банки иштирокчи давлатларнинг иқтисодиёти ва молиявий бозорлари ҳолати, уларнинг инвестиция имкониятлари, пул-кредит ва валюта муносабатлари, банк ва валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик нормалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаши, тизимлаштириши ва таҳлил қилиши белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши учун ҳуқуқий асос яратишга, унинг фаолияти доирасида тўлиқ ва самарали иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашга, шунингдек, Банкга аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашишга, савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евросиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.