Ўзбекистон янги электр энергияси бозори моделига ўтади
Жамият
−
05 Февраль 2020
6359Ўзбекистон Энергетика вазирлиги берган хабарга кўра, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб борилмоқда.
Янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар Энергетика вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу ишга Буюк Британия, Грузия, Австрия, Болгария ва Италия мамлакатларидан экспертлар, шунингдек, қонун ижодкорлиги борасида катта тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислар жалб этилган.
Маълумотларга кўра, янги қонун 2020 йил май ойининг охирида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этилиши кутилмоқда.
“Шунингдек, Энергетика вазирлиги Осиё Тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан биргаликда 2023 йилда жорий этилиши кутилаётган рақобатдош электр энергияси бозори моделини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб боряпти. Осиё Тараққиёт банки ва Жаҳон банки таркибида электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кўп йиллик назарий ва амалий тажрибага эга бўлган халқаро экспертлар - Грузия, АҚШ ва Туркия давлатларининг маслаҳатчилари иштирок этади”, дейилади хабарда.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа гуруҳи мутахассислари, шунингдек, халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар бозорнинг истиқболли моделлари ва бозор муносабатларига ўтиш усулларини ўрганишмоқда. Электр энергияси бозори модели ва бозор муносабатларига ўтиш Концепцияси жорий йилнинг март ойининг охирига қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги томонидан Жаҳон банки, Сербия ва Буюк Британия мамлакатларининг халқаро маслаҳатчилари Электр тармоқлари кодексини (Grid Code) ишлаб чиқилган. Электр тармоқлари кодексининг амалга оширилиши мамлакатга энергия компаниялари ва электр энергияси истеъмолчиларининг функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тизимлаштириш ва аниқлаштириш имконини бериши айтилмоқда. Режага кўра, Grid Code лойиҳаси ҳукуматга жорий йилнинг май ойи охирида тақдим этилади.