Ўзбекистон ва Уммон етакчилари олий давлат мукофотлари билан тақдирланди
−
22:39 211 1 minute
Бугун, 16 ноябрь куни Масқат шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саидни икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Уммон султони икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Президентини Султонликнинг олий давлат мукофоти – “Ол Саид” ордени билан тақдирлаган.

Ўзбекистон раҳбари бундай юксак эътироф учун Уммон султонига самимий миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни бутун Ўзбекистон халқига, мамлакатлар ўртасидаги азалий дўстлик ва мустаҳкам ҳамкорликка кўрсатилган юксак ҳурмат ифодаси сифатида қабул қилишини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Уммон султонини мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлаган.

Таъкидланганишича, ушбу мукофот Уммон султонининг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига Ўзбекистон халқи ва давлати томонидан билдирилган юксак эҳтиром ифодаси ҳисобланади.
Етакчиларнинг олий давлат мукофотлари билан ўзаро тақдирланиши томонларнинг кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишини намоён этган.
Live
All