Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маҳбусларни алмашиш бўйича Битим Сенатга юборилди
Олам
−
18 Октябрь 2022
5232Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 18 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур Битим 2022 йилнинг 29-30 март кунлари Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида имзоланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси йиғилишида иштирок этиб, ушбу Битимнинг афзалликлари ҳақида маълумот берди.
Унинг қайд этишича, мазкур битим 24 моддадан иборат бўлиб, унда ҳукм чиқарган аҳдлашувчи давлат ҳудудида жиноят содир этганлик учун жазо ўтаётган ва бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқароси бўлган маҳкумларни ҳукм ижро этиладиган давлатга ўтказиш тартиби баён этилган.
“Маҳкум ҳукм чиқарилган томон ҳудудидан ҳукм ижро этиладиган томон ҳудудига жазони ёки унинг қолган қисмини ўташ учун ўзтказилиши мумкин. Ҳукм ижро этиладиган томон, маҳкумнинг аҳволини ёмонлаштирмаган ҳолда, ўзининг ваколатли органи қарори асосида жазонинг тўлиқ ҳажмда ўталишини таъминлайди. Маҳкумга тайинланадиган жазо ҳукм чиқариладиган томон судининг ҳукми асосида ўталади. Ҳукм ижро этиладиган томоннинг суди, ҳукм чиқарилган томон тайинлаган жазонинг ижро этилиши юзасидан қарор чиқаради. Маҳкум ҳукм ижро этиладиган томонга топширилгандан сўнг, бундай топшириш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ҳукм ижро этиладиган томон тарафидан қопланади”, дейди Эркин Йўлдошев.
Шунингдек, ҳужжатда низоларни ҳал этиш, икки томонлама алоқа тиллари, Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳамда унинг кучга кириши амал қилиши ва тугатилиши тартиби кўрсатиб ўтилган.
Мазкур Битимга мувофиқ топшириш ҳақида илтимоснома бўйича барча масалалар юзасидан Ўзбекистон томонидан Бош прокуратура марказий орган ҳисобланади.
Битим маҳкумларга жазони ўз давлатида ўташ ва яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиб туриш имкониятини беради. Бу эса оилавий муносабатларга ижобий таъсиир қилади ва маҳкумнинг жамиятнинг ижтимоий ҳаётига мослашувини тезлаштиради.
LiveБарчаси