Ўзбекистон ва Сербия Президентлари қўшма бизнес форумида қатнашди

Жамият

image

Бугун, 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич қўшма бизнес форумида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда икки мамлакатнинг 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари, етакчи саноат ва савдо корхоналари раҳбарлари, хусусан, Сербиянинг “Galenika”, “AbelaPharm”, “Gosa FOM”, “YUMCO”, “Luss Textile” каби компаниялари қатнашган.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида самарали ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очганини таъкидлаган. Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани асосий натижа бўлган.

Ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳисобига ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича марра белгиланган. Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2026-2028 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинган.

Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтган. Тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, автомобиль ва саноат бутловчи қисмларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика препаратларини маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.

Ўзбекистон етакчиси Сербия бизнеси учун мамлакатда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратишга ҳамда ҳар бир қўшма лойиҳани амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Якунда қатор икки томонлама иқтисодий битимлар ва савдо шартномалари имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Белград шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларацияни имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Белград шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг