Ўзбекистон ва Покистон Президентлари музокара ўтказди
Жамият
−
06 Февраль 786 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига давлат ташрифи доирасида “Айвони Садр” қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий билан тор доирада ва делегациялар иштирокида учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Асиф Али Зардорий Ўзбекистон раҳбарини Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлгани муносабати билан табриклаган ҳамда ушбу давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга янги суръат бағишлайдиган тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этган.
Янги Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳоланган.
Турли даражалардаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилган. Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бормоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Исломободдаги саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва сиёсий маслаҳатлашувлар самарали ўтказилган.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланган.
Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини шу йил Хивада ўтказишга келишиб олинган.

Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилган. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича позицияси ўхшашлиги ҳамда бир-бирларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини яна бир бор тасдиқлаган.
Маданий ва гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш ҳамда таълим, экология, спорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга ўзаро интилиш қатъий экани қайд этилган.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Шавкат Мирзиёев давлат ташриф билан Покистон бўлиб турибди. Кеча, 5 февраль куни Ўзбекистон етакчиси ташриф доирасида “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказди ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дорни қабул қилди.
Шунингдек, Покистон Бош вазирининг қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ҳамда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказди ва Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боғга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросимида қатнашди. Шу билан бирга, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф Қўшма декларацияни имзолади. Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унволарини бериш маросими бўлиб ўтди.
Бугун, 6 февраль куни Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда қўшма бизнес форумида иштирок этди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль