Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлатлараро кенгаш тузилади
Жамият
−
15:31 986 3 дақиқа
Бугун, 30 июль куни Чўлпонота шаҳридаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинган.
Давлат раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлаган.

Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард долларга етган. 450 та қўшма корхона ташкил этилган, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Тараққиёт фонди самарали фаолият юритмоқда.
Шаҳарлар ўртасида 15 та авиақатнов, 5 та автобус йўналиши йўлга қўйилган.
Бу галги ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилган.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олган. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинган.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланган.
Ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.
Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида янги савдо шартномалари ва инвестиция келишувларининг тўплами қабул қилинган.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашилган.
Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур темир йўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинган.
Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш нуқталари экани таъкидланган.
Бу борада жорий йил якунига қадар барча вилоятлар иштирокида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши ҳамда уларнинг ўзаро ташрифлари жадвали тасдиқланиши белгилаб олинган.
Маданият, ёшлар, туризм, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Музокаралар давомида Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартиби бўйича аниқ таклифларни ўзи ичига олган ахборотлари тингланган.
Якунда Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрига етиб боргани ҳақида хабар берилган эди. У ерда мамлакат етакчисини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳамда унинг рафиқаси кутиб олган. Шунингдек, Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Live
Барчаси