Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида иккита яширин ерости йўли аниқланди (видео)

3-саҳифа

image

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасида иккита яширин ерости йўли аниқланиб, улар орқали товар-моддий бойликларни мамлакатга олиб ўтиш билан шуғулланган икки давлат фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Билдирилишича, ДХХнинг Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Хонобод шаҳрининг “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланган. 

Дастлаб Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, мамлакатдан эса 1 кг. 745 гр. олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланган. Жиноий шерикларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилганида, у ерда мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум қилинишича, ҳар икки ерости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 сантиметрни, баландлиги 170-180 см, биринчисининг узунлиги 350 метрни,  иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади. 

Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан дастлабки қиймати 11 млрд сўмни ташкил қилувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 кг. 745 гр. олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинган. 

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг