Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари телефон орқали мулоқот қилди
Жамият
−
31 Август 2019
2548Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади.
Беларусь Президенти, ўз навбатида, илиқ қутлов учун миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбарини ва кўп миллатли Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади.
Томонлар серқирра Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари бугунги кунда юқори суръатлар билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг роппа-роса бир ой аввал Беларусь Республикасига амалга оширган илк маротаба расмий ташрифининг самарали натижалари икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга хизмат қилгани, уни аниқ мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Давлат раҳбарлари эришилган келишувлар, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорлик ва устувор йўналишларда кооперацияни кенгайтириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлади.