Ўзбекистон Украинага инсонпарварлик ёрдами юборди
Олам
−
11 Апрель 2022
9774Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам юборди. Инсонпарварлик ёрдами Карпартортидаги хаблардан бирига етказилган. Бу ҳақда Карпарторти вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) сайтида маълум қилинди.
Вилоят раҳбари Виктор Никитанинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳамкорлар дори-дармон, индивидуал дори-дармон қутилари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат ва бошқаларни юборган.
“Юк самолётда етиб келди, кейин эса Карпатортига етказилди. Бу биз қисқа вақт ичида ҳарбий ҳолат шароитида йўлга қўйган моддий-техника таъминоти самарадорлигини яна бир бор исботлайди. Гуманитар ёрдам зудлик билан “қайноқ нуқталарга” жўнатилади”, деди ВҲМ раҳбари.
Виктор Никита Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган ёрдами ва Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкога мувофиқлаштириш ва самарали гуманитар йўлак учун миннатдорлик билдирган.
“Ишончим комилки, бу алоқалар бизга янада самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради”, деган Карпаторти раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида расмий Тошкент Украинага гуманитар ёрдам беришини айтиб ўтганди. У шунингдек, Ўзбекистон ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаслигини билдирган.
LiveБарчаси