Ўзбекистон Трамп воситачилигидаги Озарбайжон-Арманистон тинчлик келишувини олқишлади
Жамият
−
09 Август 6205 2 дақиқа
Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокараларида муҳим натижага эришилганини олқишлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик бу натижага АҚШ Президенти Дональд Трампнинг саъй-ҳаракатлари билан эришилганини таъкидлаган.
“Вашингтонда тарихий қўшма декларациянинг имзоланишига Озарбайжон ва Арманистон етакчиларининг кучли сиёсий иродаси ва қатъияти, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг фаол тинчликпарвар саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди, деб ҳисоблаймиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекитон ТИВ барча томонларнинг кўп йиллик можарони бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.
“Ишончимиз комилки, Жанубий Кавказда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликнинг имкон қадар тезроқ ўрнатилиши кенг минтақамиздаги барча халқлар манфаати учун йирик транспорт ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга замин яратади”, дея қўшимча қилинган.
Маълумот учун, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ёмонлашув асосан Қорабоғ можаросидан келиб чиққан. Совет даврида Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида бўлса-да, аҳолининг катта қисми арманлардан иборат эди. 1980 йилларнинг охирида СССР парчалана бошлаганда, арман миллатчилари ҳудудни Арманистонга қўшишни талаб қилди, бу эса миллатлараро кескинликни кучайтирди.
1988 йилда қуролли тўқнашувлар бошланди, 1991 йилда урушга айланиб, 1994 йилда Россия воситачилигида Бишкек сулҳи имзоланди. Натижада арман кучлари Тоғли Қорабоғ ва атрофидаги 7 туманни эгаллаб олди, Озарбайжон эса бу ҳудудларни босиб олинган, деб ҳисоблаб келди. 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 44 кунлик уруш бўлиб, Озарбайжон Туркия ёрдами ва замонавий қуроллар ёрдамида катта ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини қайтариб олди. Россия воситачилигида сулҳ тузилиб, Арманистон Қорабоғдан ташқари уч туманни Озарбайжонга топширди.
2023 йил сентябрда Озарбайжон “антитеррор операцияси” орқали бутун Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳудуддаги арман аҳолиси деярли тўлиқ Арманистонга кўчиб кетди. Ҳозирда ёмонлашувнинг асосий сабаблари чегара масалаларининг ҳал қилинмагани, йиллар давомида уруш ва миллий адоват туфайли ўзаро ишончсизликнинг юқорилиги, Зангезур коридори бўйича келишмовчиликлар ва геосиёсий омиллардир.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон кеча, 8 август куни АҚШ воситачилигида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолаганди. Трампнинг айтишича, икки давлат урушни тўхтатиш, дипломатик муносабатларни очиш ва бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган.
Live
Барчаси