Ўзбекистон Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир сотиб олади
Жамият
−
13 июл 2570 2 дақиқа
Ўзбекистон Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолаган. Бу ҳақда бугун, 13 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, мамлакатда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси мавжуд. “Сурун-ота” конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган.
Ушбу кондан темир концентрати 2027 йилдан бошлаб комбинатга етказиб берилиши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари, “Тебинбулоқ” конини уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб, тез фурсатда шартномани расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё олиб келишни бошлаш вазифаси қўйилган.
Металлургия соҳасидаги йирик хусусий корхоналар ҳам геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланган.
Самарқанддаги корхона, агар унга темир кони берилса, хомашё қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ташаббусини билдирган. Бекобод металлургия комбинати эса хомашё базасини кенгайтириш учун Форишдаги 32 миллион тонна темир ресурсига эга “Темиркон”ни ўзлаштиришни сўраган.
Президент бунинг учун шароит яратиш юзасидан топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда металл маҳсулотларга йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар ошиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси