Ўзбекистонда металл маҳсулотларига эҳтиёж 1,5 баробар ошиши кутилмоқда
Жамият
−
13 июл 1830 2 дақиқа
Ўзбекистонда металл маҳсулотларга йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилишда сўз борди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари қора металлургия қурилиш, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби жами 50 миллиард долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун асосий хомашё манбаларидан бири эканини таъкидлаган.
Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиб, ялпи ички маҳсулотни 2030 йилда 240 миллиард долларга етказиш учун йилига камида 8-9 фоизли ўсишни таъминлаш зарурлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, соҳада импортга қарамлик, таннарх ва энергия сарфининг юқорилиги, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича натижалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Айниқса, жаҳондаги зиддиятлар ва асосий транспорт йўлакларидаги логистика муаммолари шароитида қора металлургияда хомашё базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот тури ва сифатини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланган.
Сўнгги ўн йилда мамлакатда пўлат лист, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга эҳтиёж 3 карра ортиб, 5,5 миллион тоннага етган.
Янги қурилаётган атом электр станцияси, Тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводининг ўзига 2,5 миллион тоннага яқин пўлат лист ва арматура керак бўлади.
Келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик янги қувватлар ишга туширилади, 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. Натижада металл маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар кўпайиб, 8 миллион тоннадан ортади.
Давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу эҳтиёж қайси қувватлар ҳисобидан таъминланиши юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар бўлиши зарурлигини кўрсатиб ўтган.
Live
Барчаси