Ўзбекистон ташқи қарзларини тўлай оладими? Собиқ Молия вазири Рустам Азимов тилга кирди
Жамият
−
15 Октябрь 2021
55222Собиқ Бош вазир ўринбосари – Молия вазири Рустам Азимов Ислом Каримовнинг Мустақил Ўзбекистонни қуришда 25 йиллик фаолияти ва ўтиш даврида Каримов меросини асраб-авайлаш ва мустақилликни янада мустаҳкамлаш борасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мақола ёзди. Ушбу мақола ЎзАда эълон қилинди.
Азимов ўз мақоласида Шавкат Мирзиёевнинг 5 йиллик президентлик даврида олиб борган фаолиятига тўхталиб, ундаги ижобий ўзгаришларни санайди. Собиқ Молия вазирига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар жадаллик билан ривожланяпти.
“Булардан энг биринчиси валютанинг эркин айланмаси жорий қилингани бўлса, банк тизими ва пул муомаласининг эркинлаштирилиши, солиқ юкининг кескин камайтирилиши ва хусусий бизнесга кенг йўл очилиши унинг асосий негизидир.
Айниқса, хусусий бизнеснинг қонун ҳимоясида бўлишидек ишончли тизим яратилди ва турли босим, маъмурий, расмий ва норасмий тазйиқлардан озод бўлганлиги бозор иқтисодиётининг ривожига кенг йўл очиб берди”, дейди ҳозирда “Ўзбекинвест”ни бошқариб келаётган Рустам Азимов.
Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатнинг ташқи қарши 35,9 млрд долларга етганини эълон қилди. Азимов мақоласида қарз масаласига ҳам тўхталаркан, бу қўрқинчли эмаслигини урғулайди.
“Охирги йилларда нафақат Ўзбекистонда, қолаверса, бошқа давлатларда амалга оширилмаган мутлақо янги усуллар, камбағал оилаларга бюджетдан субсидия бериб, арзон уйлар қуриш, нафақат туманлар, қолаверса маҳаллалардаги мустаҳкам бюджет манбаларини белгилаш, ¬“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ни жорий қилиш ва шу орқали қийналган оилаларни, аёллар ва ёшларни иш билан банд қилиш ва аниқ даромадига эга бўлиши алоҳида эътиборга эга. Шу орқали иқтисодиётимизга энг катта таҳдид келтирадиган ишсизлик муаммосига ечим топиш учун амалга оширилаётган сиёсат, десак тўғри бўлади.
Албатта, бу ва бошқа кўплаб йиғилиб қолган муаммоларни фақат ўзимизнинг чегараланган манбалар ҳисобидан тўлиқ ҳал қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун давлатимиз четдан қарз олишга мажбур. Олинган маблағлар энг катта тўсиқ бўлиб турган масалаларни, жумладан, халқимизни электр, газ ва ичимлик сув билан таъминлаш тизимини янгилашга, шунингдек, эски, бузилган йўл ва кўприкларни қайта таъмирлашга ҳамда янги йўлларни қуриш, таълим ва тиббиёт тизимларини яхшилаш ҳамда замонавий саноат корхоналарини қуришга ишлатилмоқда.
Тўғри, қарз ошмоқда, лекин шу билан бирга иқтисодиётимиз ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда, ўсаётган иқтисодиёт эса, менинг фикримча, бу қарзларни ўз вақтида тўлашга тўлиқ имконият беради.
Мазкур ислоҳотлар натижасида пандемия ва ўта мураккаб жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий оқибатларининг олди олинди, иқтисодиётимиз тикланиб ҳозирги кунда жадал ривожланмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, одамлар иш билан банд, халқимизнинг даромадлари мавжуд ва аниқ, бу, ўз навбатида, давлатимизда тинчлик ва барқарор ривожланишнинг асосий пойдеворидир”, дейди ишонч билан Азимов.
Рустам Азимов 1991—1998 йилларда Миллий банк раҳбари, 2000—2002 йилларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазири, 2003—2005 йилларда Иқтисодиёт вазири, 1998—2000 йилларда ва 2005—2016 йилларда Молия вазири, 2007—2016-йилларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, 2016—2017 йилларда Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Бу соҳада ўртача 40 йиллик тажрибаси бор.
У 2017 йилнинг июль ойидан буён бир вақтлар ўзи бошчилигида ташкил топган “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Азимов 2016 йилнинг 15 декабрь куни Молия вазири лавозимидан бўшатилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўша йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида Молия вазирлиги тизимини қаттиқ танқид қилиб, вазирни ўзгартиришдан асосий мақсад тизимни буткул ислоҳ қилишдан иборатлиги, раҳбар ўзгаргани билан, пастдаги “каламушлар” ҳамон ўз ўрнида қолаётганини куюниб гапирган эди.
Ўшанда Шавкат Мирзиёев собиқ бошқарма бошлиғи Элла Острогожская собиқ вазир билан тил бириктириб, Президентни алдаб келганини айтганди. У 2005 – 2017 йилларда, айнан Рустам Азимов вазирлик қилган даврларда Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. Шунга кўра, Президент Острогожская орқали собиқ Молия вазири Рустам Азимовни танқид қилган деб ишонилади.
LiveБарчаси