Ўзбекистон Россия билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мумкин

Спорт

−

image

Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг ноябрь ойида Россия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов “Sport24” нашрига маълум қилди.

“Биз ҳақиқатан ҳам Россия футбол иттифоқи (РФИ) билан алоқадамиз ва ноябрь ойида Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишувга яқинмиз. Ёздан бери Россия терма жамоаси билан ўйнашни хоҳлаяпмиз ва ҳозирда барча тафсилотларни муҳокама қилишда давом этяпмиз”, дейди ЎФА вице-президенти.

Аҳмедовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия ва Саудия Арабистони терма жамоалари билан музокаралар олиб борилмоқда.

“Айни пайтда икки эҳтимолий рақиб – Россия ва Саудия Арабистони билан музокаралар олиб боряпмиз. Саудия Арабистони терма жамоаси билан учрашув дастлаб Ар-Риёдда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан ўйинни Тошкентга кўчирмоқчимиз. Саудияликлар ҳали бу таклифга розилик билдиришмади”, дейди Аҳмедов.

У, шунингдек, барча масалаларни миллий терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро билан ҳам муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлаган.

“Агар Саудия Арабистони билан келишувга эриша олмасак, катта эҳтимол билан Россия терма жамоаси билан Тошкентда ўйнаймиз. Россия жамоаси ҳам учрашув ўтказишдан манфаатдор. Шу боис ҳозирча ўйин қаерда бўлиб ўтиши масаласи очиқ қолмоқда.

Ҳали якуний келишувга эришилгани йўқ, аммо учрашувни ташкил этиш бўйича келишувга яқинмиз. Шунингдек, барча тафсилотларни миллий терма жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро билан муҳокама қилишимиз керак. Ноябрь ойида ушбу ўртоқлик учрашувини ўтказа олишимизга умид қиламиз”, дейди Одил Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси сентябрь ва октябрь ойларидаги халқаро танаффус пайтида Эрон (3:1), Сурия (4:1) ҳамда Жанубий Корея (0:2) терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг