Ўзбекистон Россия билан иттифоққа киришдан манфаатдорлиги айтилди
Олам
−
02 Декабрь 2022
25265Ўзбекистон Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан “уч томонлама газ иттифоқи”ни яратиш лойиҳасидан манфаатдор, Самарқандда ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссияда томонлар мулоқотни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Александр Новак журналистларга маълум қилди деб ёзмоқда ТАСС.
“Биз мулоқотни давом эттиришга келишиб олдик. Биз Ўзбекистон Республикасига газ етказиб бериш ҳажмини оширишни таъминлашга тайёрмиз, чунки Ўзбекистонда газ истеъмоли ортиб бормоқда ва яқин келажакда ўсади. Ва газ бўйича бу ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд. Техник тафсилотлар яқин орада ишлаб чиқилади”, дейди Новак.
Ўзбекистон газ иттифоқини амалга оширишдан манфаатдорми деган саволга Новак шундай жавоб берган:
“Ҳа, албатта. Биз ишлашни давом эттиришга келишиб олдик, чунки Ўзбекистон Республикасига Россия газини қўшимча етказиб беришдан манфаатдормиз. Такрор айтаман, биз техник ва тижорат масалаларини ҳал қилишимиз керак”.
Унинг қайд этишича, Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “учлик газ иттифоқи” лойиҳасидан мамлакатларнинг ички газга бўлган эҳтиёжини қондириш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун фойдаланишни режалаштирмоқда.
“Бизда Россиянинг ягона газ транспорти тизимини Қозоғистон ва Ўзбекистон билан боғловчи ривожланган газ транспорти инфратузилмаси мавжуд бўлганлиги сабабли, бугунги кунда газ инфратузилма орқали транзит қилинмоқда. Келажакда ундан кенгроқ фойдаланамиз. Жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларини қондириш, экспортга етказиб бериш салоҳиятини ошириш учун”, дейди Новак.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасида Кремлда учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Қозоғистон Президентининг маълум қилишича, Путин Тўқаевга Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон иттифоқини тузишни таклиф қилган. Кейинроқ маълум бўлишича, Путин Тўқаевга уч давлатнинг газ бўйича иттифоқини тузиш режаларини айтган ва бу масала Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўнғироқ қилиш нияти борлигини билдирган.
LiveБарчаси